Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгаш ҳамда музей экспозицияси ва кутубхона фондини шакллантириш, унинг расмий очилиш маросимини юқори савияда ташкил этиш бўйича Ишчи гуруҳ ва кичик ишчи гуруҳларининг навбатдаги қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ишчи гуруҳ аъзолари, хорижлик ҳамкорлар иштирок этишди.
Кенгаш қўшма йиғилишида:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши;
“Ўзбекистоннинг маданий мероси — бутун инсоният мулки” мавзусидаги Глобал кўргазмани ташкил этиш;
“Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзусидаги IX Халқаро конгрессга тайёргарлик;
Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти – ICESCO (АЙСЕСКО) билан ҳамкорликда халқаро конференция ўтказиш;
“1001 кашфиёт” болалар кўргазмасини ўтказиш;
“114 Қуръон” ва “Ўзбекистон картографияси” нашр лойиҳалари тақдимоти;
Шунингдек, “Тирик тарих”, “Кутубхона”, “Тарихий шахслар панорамаси” порталлари, мультимедиа ва рақамли лойиҳалар, Имом Бухорий ҳақида тайёрланаётган фильм ва кинохроникалар каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида марказ директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, Марказнинг бунёд этилиши ва фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилган муҳим ташаббуслар ҳақида сўз юритди:
— Марказнинг очилишига тайёргарлик ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Президентимиз томонидан берилган топшириқ ва тавсиялар асосида марказ концепцияси янгиланди, халқаро тажрибалар ўрганилди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг музейи экспозицияси ва кутубхонасини шакллантиришни янада жадаллаштириш, расмий очилишини юқори савияда ташкил этиш, “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки” мавзусидаги Глобал кўргазма ва “Буюк аждодлар мероси — маърифатли келажак пойдевори” IX Халқаро конгресси ҳамда унинг доирасидаги маҳаллий ва халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш мақсадида янги фармойиши қабул қилинди.
Бу фармойишда марказ фаолиятини мувофиқлаштириш, хорижий сафарларни амалга ошириш, марказнинг очилиш жараёнини юқори савияда ўтказиш, мазкур йирик тадбирлар арафасида амалга ошириладиган ишлар ва вазифалар белгилаб берилган. Ушбу вазифаларни бажаришда уюшқоқлик билан ишлар ташкил қилинган. Қўшма йиғилиш ҳам айни шу мақсадда ўтказилди. Жорий йилда Mарказ фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шунингдек, Марказ раҳбари жорий йил апрель-май ойларида Буюк Британияга амалга оширилган илмий сафар давомида “Christie’s” ва “Sotheby’s” халқаро савдо уйи аукционларидан Ўзбекистон маданий мероси билан боғлиқ 46 та артефакт саралаб олинганини маълум қилди. Британиялик коллекционерлар билан ҳамкорликда юртимизга дахлдор яна 200 дан ортиқ осори-атиқалар аниқланганини таъкидлади.
Ўзбекистонда илк бор хайрия аукциони ташкил этилади
Йиғилишда жаҳоннинг нуфузли “Christie’s” ва “Sotheby’s” аукцион уйлари таклиф этган тарихий ва маданий мерос ашёлари, нодир манбалар орқали мамлакат маданий мероси бойитилиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Марказий Осиёда биринчи маротаба жаҳон тажрибаси асосида хайрия аукциони ўтказилиши кутилмоқда. Аукционнинг асосий мақсади — “Christie’s” ва “Sotheby’s” каби машҳур халқаро аукцион уйлари томонидан таклиф этилган ноёб асарларни Ўзбекистондаги тадбиркорларга тақдим этиш орқали мамлакат музей фондини бойитиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази кўргазмаларини янада мазмунан тўлдиришдан иборат.
“Art Vernisaggi” аукцион уйи директори Шавкат Султоновнинг маълум қилишича, бу аукционда сотиб олинган ҳар бир асарнинг ким томонидан хайрия қилингани аниқ кўрсатилади. Юртимизда фаолият олиб бораётган барча маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этиб, ўз номи ҳамда брендини тарихга муҳрлаши мумкин бўлади. Бу, ўз навбатида, хайриячи шахс ёки ташкилотнинг ижобий имиджини халқаро майдонда мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Дунё тажрибасида ҳам шундай йўл тутилади. Йирик компаниялар, миллиардерлар музейлар учун асарлар харид қилиб, уларни ҳадя қиладилар. Биз ҳам ана шу йўлдан бориб, Ўзбекистонда санъат бозорини шакллантириш, миллий санъатимизни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ниятидамиз”, — дейди Шавкат Султонов.
Аукционда 200 га яқин асар намойиш этилиши кутилмоқда. Унда нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компаниялар вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Ҳеч қандай чекловлар белгиланмаган — маданий меросга ҳисса қўшиш истагидаги ҳар қандай шахс ушбу хайрия тадбирида қатнашиши мумкин.
Тадбирда иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Бу жараён учун махсус онлайн платформа ва Telegram бот яратилади. Рўйхатдан ўтганлар аукцион каталоги ва расмий таклифномани оладилар. Тадбир куни, жойи ва шартлари оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
Халқаро конгресс ва конференция
Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг очилиш маросими тадбирлари доирасида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзусида бўлиб ўтадиган IX Халқаро конгрессга тайёргарлик ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Конгрессни ташкил этиш, ялпи мажлислар, кичик бўлимлар доирасида муҳокама қилинадиган мавзу ва лойиҳалар, олимларнинг янги топилмалари тақдимоти, таклиф этиладиган хорижий ва маҳаллий меҳмонлар каби режалар кўриб чиқилди. Жорий йил ҳам Конгресс доирасида анъанавий тарзда нашр этиладиган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомининг 81-90 жилдлари тақдимоти ҳам кутилаётганини айтиб ўтилди.
Яна муҳим тадбирлардан бири Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти – ICESCO (АЙСЕСКО) билан ҳамкорликда халқаро конференция ўтказилиши ва унга тайёргарлик юзасидан ахборот берилди.
Иккинчи қаватда нималар жойлашади?
Қўшма йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази биносининг иккинчи қавати тақдимот қилинди. Марказнинг иккинчи қавати кўп функцияли, замонавий имкониятларга эга маскан сифатида лойиҳалаштирилган. Биринчидан, бу ерда турли анжуманлар, форумлар ва илмий учрашувларни ўтказиш учун бешта конференция зали — катта ва кичик миқёсдаги заллар жойлашади. Шунингдек, матбуот хизмати фаолияти учун махсус ҳудуд ажратилади. Бу ерда миллий контент тайёрлаш, интервьюлар олиш, кўрсатувлар ва аудиовизуал лойиҳалар ишлаб чиқариш учун замонавий медиа платформалар ташкил қилинади.
Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари иш фаолиятини олиб бориши учун барча шарт-шароитларга эга иш хоналари, хизмат ҳужралари ва тадқиқот майдонлари ҳам айнан шу қаватда жойлашади.
Эътиборга молик жиҳат шундаки, давлатимиз раҳбарининг ташрифлари вақтида таъкидлаб ўтилганидек, ушбу марказнинг халқаро алоқалари ва ҳамкорлик доирасини кенгайтириш мақсадида дунё миқёсидаги нуфузли ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарига алоҳида хоналар ажратилади. Улар қаторида IСESCO, UNESCO, TURKSOY, IRCICA ва Манара маркази каби ташкилотлар бор бўлиб, улар бугунги кунда ҳам Ислом цивилизацияси маркази билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу ташкилотлар келгусида доимий ҳамкорликни давом эттириб, марказ тадқиқотчилари билан қўшма илмий-амалий фаолиятларини амалга оширадилар.
Ислом цивилизацияси марказининг иккинчи қаватида халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари жойлашиши эса, шубҳасиз, илмий салоҳиятни янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу ўринларда тўғридан тўғри мулоқотлар, қўшма тадқиқотлар, янги ғоялар ва лойиҳалар дунёга келади. Бу жараёнлар яқин истиқболда янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва маънавий қиёфасини шакллантирувчи муҳим омиллардан бирига айланади. Шу маънода, бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий, балки глобал миқёсдаги маънавий-маърифий диалоглар учун очиқ ва замонавий платформа сифатида юксалмоқда.
Марказда алоҳида нашриёт уйи ва босмахонаси бўлади
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг махсус таклифлари асосида Ислом цивилизацияси марказига туташ ҳудудда қўшимча янги бино қурилиши белгиланган. Бу бино таркибида марказнинг нашриёт уйи ва босмахонаси фаолият юритади. Шунингдек, бу ерда Исломшунослик академияси ҳамда бошқа олий таълим муассасалари талабалари учун малака ошириш ва илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш имкониятига эга аудиториялар ҳам жойлашади. Ушбу янги бинода халқаро даражадаги таълим дастурлари ҳам жорий этилади. Жумладан, Лондондаги машҳур халқаро хаттотлик мактаби билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги ана шу йўналишдаги мактабни ташкил этиш режалаштирилган. Бу ташаббус ёш авлоднинг анъанавий санъат — хаттотлик соҳасида чуқур билим олиши, етук маҳоратига эга мутахассислар етишиб чиқишига хизмат қилади. Бунда ўзбекистонлик ва хорижлик устозлар ёшларга сабоқ беришади. Бу ёндашув билан йўқолиб кетиш хавфида турган қадимий хаттотлик мактаби янада ривожланади.
Глобал кўргазмада нималар кутиляпти?
– Мажмуанинг очилиши тадбирлари доирасида яна бир муҳим воқеа — тарихий артефактларни ўз ичига олган Глобал кўргазма ташкил этилади. Маълумки, дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати билан боғлиқ бўлган нодир артефактлар сақланади. Ҳозирги вақтда 150 дан ортиқ шундай кутубхона, музей ва марказлар аниқланган. Ташкил этилиши кутилаётган Глобал кўргазмада дунё музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган, бевосита Ўзбекистонга тааллуқли бўлган тарихий ёдгорликлар, буюмлар юртимизга олиб келинади ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади, – деди Марказ илмий котиби Рустам Жабборов.
Кўргазма бир неча ой давомида фаолият юритади ва ҳар бир фуқаро ҳамда хорижлик меҳмон ушбу тарихий бойликларни ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлади. Бу экспозиция ҳақиқий, асл нусхалардан иборат бўлади. Улар минг йиллар давомида аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунгача сақланиб келаётган моддий-маънавий мерос намуналаридир. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг ислом маданиятида тутган ўрнини янада ёрқинроқ намоён этишга хизмат қилади.
Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси
Ислом цивилизацияси маркази — бу, ҳақиқатан ҳам, улкан миқёсдаги мегалойиҳа бўлиб, унинг таркибий тузилиши, контенти, концепцияси, техник ва маънавий жиҳатлари ҳамда очилиш маросимига тайёргарлик масалалари бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири ҳисобланади. Унинг расмий очилиши нафақат илмий ва маданий жамоатчилик, балки бутун мамлакат учун улкан байрамга айланади, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу марказ орқали, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси намоён этилади. Бу улкан меросни ҳар томонлама намоён этадиган асосий восита — музей экспозициясидир. Экспозиция орқали Ислом маданиятининг илғор босқичларига ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар, санъат ва илм аҳли, уларнинг асарлари, мероси кенг жамоатчиликка тақдим этилади.
– Марказнинг очилиш маросими — ўзига хос аҳамиятга эга воқеа. Чунки бу миқёсдаги маданий-маърифий ва илмий марказ нафақат Марказий Осиёда, балки Евроосиё минтақасида ҳам камдан-кам учрайди. Бундай марказнинг айнан Тошкент шаҳрида барпо этилиши — бу Ўзбекистон учун улкан шараф ва масъулиятдир. Очилиш маросимида халқаро даражадаги меҳмонлар, нуфузли ташкилотлар вакиллари, таниқли олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу очилиш доирасида ўтказиладиган XIX халқаро конгресс ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу конгресс хорижий мамлакатлардан келадиган етакчи олимлар, ўзбекистонлик тадқиқотчилар ва илмий марказлар ўртасидаги фикр алмашув, янгича ёндашувлар, илмий ҳамкорлик ва келишувлар учун мустаҳкам платформага айланади, – деди академик Камола Акилова.
Нафақат илмий қиймат, балки миллий ўзликни англаш йўлида
Шунингдек, марказнинг очилишига бағишлаб тайёрланаётган нашрлар ҳам жуда муҳим. Масалан, Амир Темур сиймоларини акс эттирувчи миниатюраларга бағишланган китоб, машҳур археолог ва тарихчи Массоннинг асарлари каби нашрлар нафақат илмий қийматга, балки миллий ўзликни англаш ва уни дунёга танитиш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳар бир нашр ўзига хос долзарблиги ва мазмуний чуқурлиги билан бу марказнинг маънавий қиёфасини шакллантиради. Бундан ташқари, “114 Қуръон” ва “Ўзбекистон картографияси” нашр лойиҳалари тақдимот қилинди. “Тирик тарих”, “Кутубхона”, “Тарихий шахслар панорамаси” порталлари,“Россия-Культура” телеканалида намойиш этилиши режалаштирилган ҳужжатли фильм, “SPECTRE STUDIO” томонидан ишлаб чиқилган 30 видеоролик каби мультимедиа ва рақамли лойиҳалар, Имом Бухорий ҳақидаги фильм ва кинохроникалар масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Алоҳида тилга олинган масала
Йиғилишда музей фаолияти, илмий тадқиқотлар, кўргазмалар, турли экспозиция йўналишлари, шу жумладан, Қуръон залига оид масалалар ҳам алоҳида тилга олинди. Айнан бу залда турли тарихий даврларга оид, Ўзбекистон ҳудудида ёзилган ва сақланиб келган Қуръон нусхалари намоён этилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими, Қуръон зали экспозицияси координатори Азимжон Ғофуровнинг қайд этишича, бу орқали халқимиз ва келган меҳмонлар исломий меросимиз ва унинг тарихий тафсилотларини ўз кўзлари билан кўра олади.
Халқаро ҳамкорларнинг иштироки
Йиғилишда марказ экспозициясининг илмий-инновацион лойиҳалари тақдимоти ва олиб борилаётган ишлар доирасида маҳаллий мутахассислардан ташқари хорижлик ҳамкорлар билан ҳам онлайн мулоқот қилинди. Хусусан, Буюк Британиянинг 1001 Inventions компанияси раҳбари Салим Аҳмад болалар ва ўсмирлар кўргазмасини ташкил этиш лойиҳасижа қамраб олинаётган илмий-инновацион ёндашувлар ҳақида маълумот берди.
“Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитишда компаниямиз ҳиссаси қўшилаётганидан, ушбу улкан мажмуада болалар ва ўсмирлар кўргазмасини ташкил этиш имконият берилаётганидан мамнунмиз. Дунёда шундай кўргазмалар ўтказганимизда унда алоҳида китоб ҳам нашр қилганмиз. Унда айнан кўргазма, ундаги шахслар ҳақида маълумотларни жамлаган. Биз бунда National Geographic компанияси билан ҳамкорлик қиламиз. Ушбу компания эса тайёрланган китобнинг дунё бўйича тарқалишини таъминлайди. Бундан аввал ҳамкорликда болалар ва ўсмирлар учун айни шу каби тайёрлаган китобларимиз дунё бўйича 3 миллион нусхада тарқалган. Биз Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳақида бутун дунё билишига хизмат қиладиган китоб нашр қилиш ҳаракатидамиз. Ислом цивилизацияси маркази ҳақида болалар ва ўсмирлар учун тайёрлаётган китобимиз ҳам ана шундай даражада бўлишини мақсад қилганмиз, – дейди Салим Аҳмад.
Италиянинг Рим шаҳридаги Виктория Петросянс, В&Со компанияси вакили сифатида, онлайн мулоқот чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан бир неча йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур марказ нафақат минтақада, балки бутун жаҳонда Ислом маданияти ва цивилизациясини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга ташкилот ҳисобланади. Шунингдек, у бу жамоа билан ҳамкорлик давом эттираётганликларини ва келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи, шу заминда яшаб ўтган кўплаб алломалар ва буюк шахслар ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида қисқа роликлар ва фильмлар тайёрлашни режалаштираётганини билдирди.
Шунингдек, йиғилишда ушбу нуфузли тадбирларни кенг жамоатчиликка етказиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари, хусусан, маҳаллий ва хорижий ОАВ билан ишлаш, марказ очилишига бағишланган мультимедиа контентлар ва ахборот кампанияларини ташкил этиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Буюк Британиядаги Belgrave компанияси раҳбари Евгения Харрисон Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, бу лойиҳа бутун дунёга намойиш этишга арзийдиган даражада. Шу муносабат билан у бир қатор хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва бу ердаги жараёнлар ҳақида жаҳон жамоатчилигини хабардор қилишда ўз ҳиссаларини қўшиш ниятида эканини қайд этди.