Ҳиндистоннинг Андҳра-Прадеш штатида яшовчи (номи сир тутилган) эркак далада ишлаётганида ердан қимматбаҳо тош — олмос топиб олди. Бу ҳақда The Times of India хабар берди.
У олмосни сотишдан 150 минг рупий (тахминан 22 млн сўм) фойда олган.
Хабарга кўра, ёмғир кўп ёғиб, тупроқни ювиб кетгани учун қимматбаҳо тош ер юзасига чиқиб қолган.
Айтиш керакки, омадли деҳқон воқеаси овоза бўлиб кетгач, у яшовчи Курнул қишлоғини хазина қидирувчилар босиб кетди.
"Кўплар олмос қидиришга бутун бир оила бўлиб келяпти, овқатларини ўзлари билан олиб келишган, соатлаб далаларни кезиб юришибди", — деб ёзди The Times of India.
Экспертлар таъкидлашича, бундай топилмалар Курнулда камдан-кам учрайди, ҳамманинг ҳам омади чопавермайди.