АсосийДунё

Уруш туфайли 40 мингга яқин хорижий сайёҳ Исроилни тарк эта олмаяпти

Саёҳат нархи бир неча юздан минглаб еврогача етиши мумкин.

'Уруш туфайли 40 мингга яқин хорижий сайёҳ Исроилни тарк эта олмаяпти'ning rasmi

Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик ортидан юзага келган ҳаво қатнови чекловлари туфайли тахминан 40 мингга яқин хорижий сайёҳ Исроилни тарк эта олмаяпти. Бу ҳақда мамлакатнинг “Haaretz” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаво ҳудуди ёпилганидан сўнг Исроилдан чиқиб кетишни истаганлар учун ягона йўл сифатида денгиз орқали эвакуация қолди. Тел-Авив яқинидаги Ҳерзлия денгиз портида юзлаб одамлар яхталар ёрдамида Кипрнинг жанубий қисмига чиқиш учун музокаралар олиб бормоқда.

Ҳозирда кичик яхталар Герзлия, Ҳайфа ва Ашкелон портларидан йўлга чиқиб, ҳар бир рейсда 10 нафаргача одамни ташиш имконига эга. Саёҳат нархи бир неча юздан минглаб еврогача етиши мумкин. Бу яхталарни ижарага бераётганлар, талаб юқори бўлгани учун нархларни кескин оширмоқда.

Денгиз эвакуацияси ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар орқали ташкил этилмоқда. Қайтишни хоҳлаётганлар орасида нафақат хорижлик сайёҳлар, балки чет элдаги фарзандлари ёнига боришни истаган исроилликлар ҳам бор.

Haaretz манбасининг ёзишича, Исроил ҳукумати маҳаллий авиакомпанияларга Исроил фуқароларини чет элдан қайтариш учун юборилган самолётлардан фақатгина келувчиларни олиб келишга рухсат берган. Бу самолётлар орқали Исроилни тарк этишни истаганлар учун имконият берилмаяпти.

Нашр маълумотига кўра, 13 июн куни Исроилнинг Эронга амалга оширган ҳужуми ортидан бошланган сиёсий ва ҳарбий таранглик натижасида 100-200 мингга яқин Исроил фуқароси хорижда қолиб кетган. Улар мамлакатга қайтиш учун ҳозирча расмий имкониятларга эга эмас.

    Бошқа янгиликлар