Қашқадарё вилоятида солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг ахборот хизмати “Darakchi.uz”га маълум қилди.
Қайд этилишича, вилоятнинг Қамаши туманида яшовчи 1981 й.т. муқаддам судланган шахс 360 млн сўмлик солиқ қарздорлигини тўламаганлиги сабабли заводга нисбатан қўйилган тақиқни ўзининг мансабдор танишлари орқали бекор қилдириб, унинг фаолиятини тиклаб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 4000 АҚШ доллари талаб қилади.
Сўнг, у ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚКД ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 3000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган Қамаши туман солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари ҳам 3000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан икки қонунбузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.