АсосийЖамият

Ўзбекистон суғориш тизимларини янгилаш учун 250 млн доллар қарз олади

Ушбу маблағни Европа тикланиш ва тараққиёт банки ажратади.

'Ўзбекистон суғориш тизимларини янгилаш учун 250 млн доллар қарз олади'ning rasmi

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон бўйлаб 110 та суғориш насос станциясини модернизация қилиш учун 250 миллион долларгача бўлган суверен кредит ажратади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бу борада тегишли битим имзоланди. Суверен кредит давлат томонидан олинган қарз маблағи бўлиб, бу қарз бўйича масъулият бевосита давлат зиммасида бўлади.

Лойиҳада 10 та ҳудуд қамраб олинади ва у Ўзбекистон суғориш тизимини модернизация қилиш бўйича Миллий дастур ижросига кўмаклашади. Натижада йилига 251 минг мегаватт соат электр энергияси тежалади ва атмосфера ҳавосига чиқариладиган карбонат ангидрид миқдори 117 минг тоннадан ортиқ камаяди. Шунингдек, лойиҳа доирасида насос станцияларининг томларига қуёш панеллари ўрнатилиши каби қўшимча инфратузилма ҳам янгиланади.

Ҳозирги кунда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги инвестициявий портфели 5,6 миллиард евро қийматидаги 181 та лойиҳани ўз ичига олади. Маблағларнинг асосий қисми хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилган. Ўзбекистон беш йилдирки, Марказий Осиёда ЕТТБ инвестицияларининг энг йирик манзили бўлиб қолмоқда.

    Бошқа янгиликлар