Бухоро вилоятининг Жондор туманида Damas микроавтобусларида ўнлаб болаларни ташиш ҳолатлари аниқланган.Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, икки ҳайдовчи иккита машинада жами 36 нафар вояга етмаган болани — биринчисида 20, иккинчисида 16 нафарини олиб кетаётган бўлган.
"Ушбу хавфли ташишлар болаларни боғчалардан олиб келишда содир бўлган ва фақатгина йўл ҳаракати инспекторларининг ўз вақтида аралашуви туфайли юз бериши мумкин бўлган фожиа олдини олишга эришилди. Ўта масъулиятсизликка йўл қўйган ҳайдовчилар аллақачон жавобгарликка тортилди", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айбдорларга, жумладан, боғча масъулларига чора кўриш учун юқори турувчи ташкилотларга тақдимнома киритилган.
Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда ташиш учун етти ўринли Damas’лардан фойдаланиш анча кенг тарқалган.