АсосийЖиноят

Тошкент вилоятида 35 ёшли шахс 1 кгга яқин “гашиш” билан ушланди

Гиёҳвандлик моддаси тожикистонлик наркокурьер томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилгани аниқланган.

'Тошкент вилоятида 35 ёшли шахс 1 кгга яқин “гашиш” билан ушланди'ning rasmi

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида 1990 йилда туғилган шахс қарийб 1 кг “гашиш” билан қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, республика бўйича ўтказилаётган “Қорадори – 2025” кенг кўламли тадбири доирасида Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан Бекобод шаҳар ИИБ ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги тезкор тадбир амалга оширилган.

Тадбир давомида Бекобод шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган шахс қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган, қарийб 1 кг бўлган “гашиш” гиёҳвандлик моддасини шаҳарнинг “Наврўз” маҳалласи ҳудудида яшириб қўйилган жойидан олаётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув давомида ушбу гиёҳвандлик моддаси тожикистонлик наркокурьер томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилгани аниқланган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар