Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида содир бўлган даҳшатли воқеа бўйича суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар берди.
Суд материалларига кўра, 2025 йил май ойида эркак оғир хаста бўлган 70 ёшли отасини парвариш қилиш баҳонасида уйига олиб келган. Бироқ август ойидан бошлаб у кексани мунтазам равишда калтаклаб келган.
Сентябр ойида қўшнилардан бири навбатдаги зўравонлик ҳолатини видеога олиб, уни тарқатганидан сўнг воқеа бутун мамлакат жамоатчилигига маълум бўлди. Оқибатда кекса эркак олган тан жароҳатлари сабаб вафот этди.
Судда айбланувчи отаси хотинининг гапига қулоқ солмагани учун зўравонлик қилганини даъво қилган, кейинчалик эса пушаймонлигини билдирган. Шунга қарамай, суд уни айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Аввалроқ ушбу иш доирасида айбланувчининг рафиқасига нисбатан ҳам алоҳида жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди.






