АсосийЖиноят

“Ҳаж сафарига юбораман” деб фуқаролардан минглаб доллар олган фирибгарлар ушланди

Ҳозирда ушбу жиноятлардан жабрланган бошқа фуқаролар шахсини аниқлаш ва уларга етказилган моддий зарарларни баҳолаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

'“Ҳаж сафарига юбораман” деб фуқаролардан минглаб доллар олган фирибгарлар ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни “Ҳаж” сафарига юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати “Даракчи.уз”га хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ходими — 1997 йилда туғилган шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида яшовчи икки нафар фуқародан уларни Саудия Арабистонига ҳаж зиёратига юбориш эвазига 12 800 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Терговга қадар текширув давомида, фирманинг яна икки нафар — 1980 ва 1994 йилларда туғилган ходимлари ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, зиёратга юбориш ваъдаси билан пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш механизмини йўлга қўйгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларнинг икки нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс ҳаж сафарига юбориш эвазига Тошлоқ туманида яшовчи фуқаронинг 11 минг АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.

Ушбу ҳолат бўйича ҳам Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “а” банди асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда ушбу жиноятлардан жабрланган бошқа фуқаролар шахсини аниқлаш ва уларга етказилган моддий зарарларни баҳолаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

    Бошқа янгиликлар