"Israel Hayom" нашри ёзишича, АҚШнинг собиқ президенти ва 2024 йилги сайловларда Республикачилар номзоди Дональд Трамп яқин орада Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш бўйича режани эълон қилиши мумкин.
Манбаларга кўра, Трампнинг атрофидаги жамоа бир неча ҳафтадан бери оташкесим бўйича сиёсий ташаббус устида ишламоқда. Режага мувофиқ, Исроил ва ҲАМОС ўртасида бир неча босқичли келишув таклиф этилади. Трамп бу ташаббусни сайловолди кампаниясида халқаро муаммоларни ҳал қила оладиган етакчи сифатида кўрсатиш учун қўлламоқчи.
Ҳозирча режанинг аниқ тафсилотлари маълум эмас. Бироқ, манбаларнинг таъкидлашича, у оташкесим, гаровдагиларни алмашиш ва инсонпарварлик ёрдамини тиклашни кўзда тутади.
Нашр таъкидича, Трампнинг ташаббуси Жо Байден маъмуриятидан фарқли равишда ҳаракат қилишга қаратилган бўлиб, у ўзини ташқи сиёсатда ҳам самарали етакчи сифатида намоён этмоқчи.
Ҳозирча Исроил ҳукумати ёки АҚШнинг расмий идоралари бу хабарга изоҳ бермаган. Аммо Трампнинг ташаббуси жорий вазиятда Ғазодаги кескинликни юмшатишда янги босқични бошлаши мумкин, деб таъкидлайди таҳлилчилар.
Абдуллоҳ Саййид