Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун 2 миллиард 44 миллион сўм ажратилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг кеча, 20 май куни қабул қилинган “Маблағ ажратиш” тўғрисидаги қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, ушбу маблағлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туман Ободонлаштириш бошқармаларига ажратилади.
Унинг 1 миллиард 456 миллион сўми пиёдалар бўйича йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида кўча ва йўллар бўйлаб темир панжара ўрнатиш учун, 588 миллион сўми эса вояга етмаганлар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида қавариқ пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этишга йўналтирилади. Йўллар бўйлаб жами 5600 метрлик панжаралар ўрнатилади.
Пойтахтнинг 42 та жойида қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкил қилинади. Жумладан, Олмазор туманида 6 та, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Сергели, Миробод туманларида 5 тадан, Бектемир туманида 4 та, Яшнобод ва Чилонзор туманларида 3 тадан, Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Янгиҳаёт туманларида эса 2 тадан қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилади.
Ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳамда бажарилган иш ҳажми бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳисобот бериб борилади.