Москва ўзининг маҳаллий ишлаб чиқарилган компонентларини Эроннинг Shahed дронларини яхшироқ зарба бера олиш имкониятини ошириш учун тақдим қилмоқда. Оқ уй эса бу ёрдам урушга ҳеч қандай таъсир қилмаётганини билдирган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Wall Street Journal'нинг пайшанба куни хабар беришича, Россия Эрон билан разведка алмашинуви ва ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириб, Теҳронга АҚШ кучларини минтақада нишонга олишда ёрдам бериш учун сунъий йўлдош тасвирлари ва такомиллашган дрон технологиясини тақдим қилмоқда. Бу ҳақда нашрга масалага яқин манбалар маълум қилган.
Хабарга кўра, Москва бу ҳамкорлик орқали урушни чўзиш мақсадида Эронни қўллаб-қувватламоқда, чунки уруш Россияга иқтисодий ва ҳарбий фойда келтиради.
Хусусан, урушнинг нефть савдосига таъсир қилиши ортидан Россия нефтига қўйилган санкциялар вақтинчага бекор қилинган эди.
Европа разведкасининг юқори даражали ходими Россия Эронни Shahed дронларини модификация қилиш учун керакли қисмлар билан таъминлаётганини айтган. Шу орқали дронлар яхшиланган алоқа, навигация ва нишонга олиш имкониятларига эга бўлмоқда. Shahed дронлари аслида Эрон томонидан ишлаб чиқарилишига қарамасдан Россия ўзининг маҳаллий версияларини ҳам яратган.
Wall Street Journal ва Washington Post илгари ҳам Россия Эронга АҚШ кучлари жойлашуви ҳақидаги сунъий йўлдош маълумотларини бераётганини хабар қилган. Яқинда Wall Street Journal манбалари шундай ҳамкорлик янада кучайганини ва бу Эронга минтақадаги АҚШ радар тизимларини зарба беришга ёрдам берганини айтган.
Кремль эса бу масала бўйича изоҳ бермаган.






