Самарқанддаги уйларнинг бирида содир бўлган газ портлаши оқибатида вафот этганлар сони 7 кишига етди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида маълум қилинди.
Самарқанд шаҳрининг “Боғисарой” МФЙ, Спитамен кўчасида жойлашган уйларнинг бирида газ портлаши 8 майдан 9 майга ўтар кечаси содир бўлганди. Портлаш натижасида ҳосил бўлган кинетик зарбадан уйнинг темир-бетон конструкциялари қулаши оқибатида, 1, 2, 3-қаватлари ва ертўла қисми зарарланган. Ёнғин содир бўлмаган.
Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этишга киришган. Олиб борилган ҳаракатлар натижасида вайроналар остидан дастлаб 6 нафар фуқаронинг жасади топилганди. “Миллар” дастурида маълум қилинишича, 9-май куни хонадон вайроналари остидан еттинчи мурда ҳам олиб чиқилди.
Айни пайтда ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.