Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилояти ҳудуд жиҳатидан кичик бўлса-да, аслида, қишлоқ хўжалигида катта салоҳиятга эга. Асосий майдонлар дарё ва каналлар бўйида жойлашган, аҳолиси меҳнаткаш, барча инфратузилма қулай.
Йиғилишда туманлардаги манзилли ўрганишлар таҳлил қилиниб, янги таклиф ва режалар кўриб чиқилди.
Экинларни ерларнинг тупроқ-иқлим хусусиятидан келиб чиқиб етиштириш, чўл ҳудудларда ғалла, сабзавот ва картошка ҳосилдорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Суғориш тармоқларини таъмирлаб, икки йилда 20 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш режалаштирилмоқда.
Озиқ-овқат лойиҳалари учун ҳам имкониятлар кўп. Жумладан, Оқолтин, Гулистон ва Боёвут туманларидаги 9 минг гектарда 3 та йирик чорвачилик мажмуасини ишга тушириш, 7 минг гектарда янги технология асосида пахта етиштириш мўлжалланган.
Вилоятда 10 минг гектар боғ ва токзор бор. Уларнинг ярмидан кўпида нав ва агротехнология эскилиги учун мева-сабзавот харидоргир эмас. Шу боис 2 минг гектар боғни янгилаб, хорижда энг харидоргир мевалар етиштириш, қолганини талабгорларга таклиф этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, бу йил “Ўнг тармоқ” туманлараро каналининг 607 километрини реконструкция қилиш ва рақамли бошқарувга ўтказиш лойиҳаси якунланади. Натижада 35-40 фоиз сув тежалади, 27 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқатга бўлган ички талабни тўлиқ қоплаш, қайта ишлаш ва экспорт қувватларини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.