Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида хорижга ноқонуний йўллар орқали чиқиш ниятида бўлган фуқароларни алдаб, катта миқдорда пул ундиришга уринган шахслар фош этилди.
28 минг долларлик “йўл ҳақи” ва далиллар билан қўлга тушган воситачи
Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд туманида яшовчи 1990 йилда туғилган шахс, Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони “Туркия – Европа – Мексика” йўналиши орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, 28 минг АҚШ доллари талаб қилган. У шундан 14 минг долларни аввалдан олаётган вақтда, барча далиллар билан қўлга олинди.
Олдин судланган, яна фирибгарлик устида ушланди
Жиззах вилоятида ўтказилган тадбирда эса илгари бир неча бор фирибгарликда айбдор деб топилган, Тошкентда яшовчи 2000 йилда туғилган шахс навбатдаги жиноятини амалга оширишга уринган. У Ш.Рашидов туманида яшовчи фуқарога АҚШга юбориш ва визани расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг доллар талаб қилган. 10 минг долларни учинчи шахс орқали олаётган вақтида жиноятга чек қўйилди.
5 минг доллар ва 26 миллион сўм – ноқонуний йўлга тўланган “умид пули”
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида қайд этилган ҳолатда, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 2000 йилда туғилган шахс фуқарони Туркия – Испания – Мексика йўналиши орқали АҚШга юбориш ва визани “мансабдор танишлари” орқали олиб беришни ваъда қилган. У фуқародан 5 минг доллар ва 26 миллион сўм олаётганида ушланган.
Ишга юборишни ваъда қилиб, 52 миллион сўмни ундирди
Тошкент вилоятида бўлиб ўтган яна бир ҳолатда, 1995 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи шахс Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи икки фуқарони АҚШга юбориш, виза ва ҳужжатларини расмийлаштиришни ваъда қилган. У жами 38 минг доллар талаб қилиб, аванс сифатида 52 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди.
Жиноят иши қўзғатилди, тергов ишлари давом этмоқда
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Огоҳ бўлинг: ноқонуний йўл билан чет элга чиқмоқчи бўлганлар – жиноят қурбонига айланиши мумкин
Ҳурматли фуқаролар, хорижга ишга юборишни ваъда қилаётган шубҳали шахсларга ишониб, на молиявий, на шахсий ҳаётингизни хавф остига қўйманг. Ҳар қандай таклифни синчковлик билан текширинг. Расмий каналлардан фойдаланинг. Фирибгарларга ишонманг – улар орзуларни сотса-да, охирида ўзингизни жиноят иши ичида топишингиз мумкин.