АсосийЖамият

Тошкент шаҳри ҳамда уч вилоятда ҳаж ва умрага ноқонуний юбормоқчи бўлганлар ушланди

Ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Тошкент шаҳри ҳамда уч вилоятда ҳаж ва умрага ноқонуний юбормоқчи бўлганлар ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ҳаж ва умрага ноқонуний юбормоқчи бўлганлар ушланди.

ДХХнинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура департаменти ходимлари ҳамкорлигида ҳам тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳаж зиёратини ташкил этишга ваколати бўлмаса-да, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, 8 минг доллар эвазига унинг ота-онасини жорий йилда ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 2 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Бу каби қонунбузилиш ҳолати Фарғона вилоятида ҳам қайд этилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Ёзёвон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, туристик фирма раҳбари 4 нафар фуқарони умра зиёратига юбориш эвазига 4200 доллар олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Оқолтин туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган шахс ўзини гўёки сайёҳлик фирмаси вакили сифатида таништириб, 3 нафар фуқарони умра сафарига юбориш эвазига жами 3450 доллар талаб қилади. Ушбу шахс олдиндан 1100 доллар ҳамда 1 миллион 290 минг сўм олган вақтида ушланди.

Қашқадарё вилоятидакузатилган ҳолатда эса, Қарши шаҳрида фаолият юритувчи хусусий авиакасса раҳбари маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини умра сафарига юборишини айтиб, бунинг эвазига 1200 доллар талаб қилади. Унинг кўрсатмаси билан авиакасса ходими олдиндан 10 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар