Қайд этилишича, муаллиф ҳуқуқи бузилган яна бир ҳолатда Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан халқимиз орасида “Абдуссамий“ тахаллуси билан танилган шоир Шохрух Абдувохидовга тегишли “Яхшимасми“ ҳамда “Эртага борамизми“ номли шеърлари муаллифнинг рухсатисиз ижро этилганлиги ҳолати юзасидан ҳуқуқий чора кўрилишини сўраб қилинган мурожаат Адлия вазирлиги томонидан ўрганилиб чиқилди.
Ўрганиш мобайнида халқимиз орасидаги таниқли ижодкорлар Райҳон Ганиева ижросидаги “Яхшимасми“ ҳамда “Саҳар“ гуруҳи солисти Анвар Жўраев томонидан ижро этилган “Эртага борамизми“ номли қўшиқларининг шеърлари, бастакор Шахбоз Носиржонов томонидан муаллиф рухсатсиз фойдаланганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнабод туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177 прим 1-моддасининг биринчи қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 (икки) баравари миқдорида – 750 000 (етти юз эллик минг) сўм жарима жазоси тайинланди.