АсосийЖамият

Ўзбекистондан экспорт қилинган 14 тонна қовун Қирғизистонга киритилмади

Текширув чоғида қовунлар фитосанитария сертификатида кўрсатилмаган сомон устида ташилгани аниқланган.

'Ўзбекистондан экспорт қилинган 14 тонна қовун Қирғизистонга киритилмади'ning rasmi

Ўзбекистондан экспорт қилинган 14 тонна қовун сомон устида ташилаётгани сабабли Қирғизистонга киритилмади. Бу ҳақда “Econom.kg” хабар берди.

Қирғизистоннинг Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти ходимлари “Кен-Сай” назорат-ўтказиш пункти орқали қовунларни олиб киришда фитосанитария талаблари бузилганини аниқлади. Жалолобод вилоятига йўл олган юк машинасида 14 тонна қовун ташилаётган эди. Текширув чоғида улар фитосанитария сертификатида кўрсатилмаган сомон устида ташилган.

Таъкидланишича, сомон фитосанитар хавфи юқори бўлган маҳсулотлар қаторига киради ва унинг таркибида амброзия, какра, зарпечак каби бегона ўтларнинг уруғлари бўлиши мумкин. Уни олиб кириш учун ҳужжатларда, албатта, кўрсатиш ва хавфсизлигини тасдиқлаш талаб этилади.

Карантин фитосанитария талаблари бузилгани сабабли бошқарма ходимлари назорат далолатномасини расмийлаштириб, юкни қайтариш бўйича кўрсатма берган. Барча маҳсулотлар инспекторлар назорати остида жўнатувчига қайтарилган.

    Бошқа янгиликлар