Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Афғонистонга ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.
Ташриф доирасида Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми ташкил этилди. Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ушбу форум доирасида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик келишувларига эришмоқда.
Жумладан, Спинзар Қундуз давлат ширкати вакиллари билан мулоқотда ерларни лазерли текислаш, уруғларни замонавий сеялкалар орқали ҳамда шолини кўчат усулида экиш технологияларини жорий этиш, 400 гектар майдонда Ўзбекистон тажрибаси асосида шоли етиштириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, ёғ экспортини йўлга қўйиш, 2025 йилда 300 гектар майдонда пахта етиштиришга кўмаклашиш, махсус квота орқали Афғонистонга чорва моллар экспортига кўмаклашиш бўйича фикрлар алмашинган.
Тупроқшунослик йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон томонидан Афғонистонга тупроқ таҳлилини ўтказиш бўйича мобил (кўчма) лабораториясини беғараз тақдим қилиш бўйича келишувларга эришилган.






