Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент вилоят судининг судьяси иштирокидаги дабдабали тўй ҳақидаги хабарлар бўйича хизмат текшируви ўтказилди. Текширув натижасида, тарқалган видеода акс этган тадбир судьянинг уйида эмас, балки унинг қариндошиникида бўлиб ўтгани аниқланди.
Шунингдек, видеода судьянинг вояга етмаган фарзанди деб кўрсатилган бола аслида судьяга тегишли эмаслиги аниқланиб, судья оила аъзолари билан кўп қаватли уйда истиқомат қилиши, энг кичик фарзанди эса 22 ёшда эканлиги айтиб ўтилди.
Текширув жараёнида судья хизматдан ташқари вақтда қариндошиникидаги тадбирда бўлганлиги тасдиқланди. Шу сабабли унинг хатти-ҳаракати Судьялар одоби кодекси талабларига зид ёки зид эмаслигини баҳолаш учун материаллар Судьялар одоб комиссиясига юборилди.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ушбу масала бўйича якуний хулоса комиссия томонидан чиқарилишини маълум қилди.