Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати олдидан Нидерландия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, учрашув 2026 йил 8 июнь куни Нью-Йорк шаҳридаги “Икан” стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.
Нидерландия терма жамоаси Жаҳон чемпионатида Япония, Швеция ва Тунис билан биргаликда “G” гуруҳидан ўрин олган. Ўзбекистон эса Португалия, Колумбия ва Конго билан бирга “K” гуруҳида иштирок этади.
Маълумот учун, Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси мазкур учрашувдан аввал, 1 июнь куни мундиал мезбони Канадага қарши ҳам ўртоқлик ўйини ўтказади.






