Жанубий Кореяда прокурорлар полициянинг K-pop соҳасидаги йирик компания — HYBE асосчиси, BTS гуруҳини яратган Банг Ши-Ҳюкни ҳибсга олиш бўйича сўровини рад этди.
Маълум қилинишича, прокурорлар ҳозирги босқичда ҳибсга олиш учун етарли асослар йўқлигини билдириб, ишни қўшимча тергов қилишга қайтарган.
Полиция Банг Ши-Ҳюкни 2019 йилда HYBE компаниясини биржага чиқариш режалари бўйича инвесторларни чалғитганликда айбламоқда. Ушбу ҳаракат орқали у катта миқдорда — тахминан 200 миллиард вон (136 миллион доллар) даромад олган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Банг эса барча айбловларни рад этмоқда.
Иш доирасида HYBE офисида тинтувлар ўтказилган, айрим активлар музлатилган ва унга нисбатан хорижга чиқиш чеклови жорий этилган.
Ҳолат BTS гуруҳининг жаҳон тури қайта бошланган даврга тўғри келгани сабабли кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.






