Маълум қилинишича, тақдимотда 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифалар муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилган. Уларда 200 дан ортиқ саволларга жавоблар ҳамда ташқи савдога оид 30 дан зиёд ҳужжат ташкилот аъзоларига тақдим этилган.
Шу билан бирга, икки томонлама музокаралар доирасида 40 дан ортиқ музокаралар раунди бўлиб ўтган. 2025 йилнинг ўзида 11 давлат билан музокаралар якунланган ва бу борада келишувга эришилган давлатлар сони 33 тага етган.
Президент матбуот хизматига кўра, ЖСТ аъзолари Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоламоқда.
Хусусан, ўтган йил давомида 68 та қонунчилик ҳужжати ЖСТ талаблари ва халқаро меъёрларга мослаштирилган.
Жумладан, интеллектуал мулкни рўйхатдан ўтказиш жараёнлари соддалаштирилган, бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилган.
Шунингдек, экспорт чекловлари бекор қилиниб, экспорт божлари учун шаффоф механизм жорий этилган. Айрим маҳсулотлар бўйича минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти ҳам тугатилган.
Савдодаги техник тўсиқларни қисқартириш ва санитария-фитосанитария соҳасидаги ислоҳотлар доирасида юқори хавфли маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ўрнига сертификатлаштириш тизими жорий қилинган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги устидан назорат эса Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига ўтказилган.
Бундан ташқари, 14 та озиқ-овқат техник регламенти бекор қилинган, 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаштириш талаблари тугатилгани айтилди.
Тақдимотда озиқ-овқат хавфсизлиги, савдони ҳимоя қилиш чоралари ҳамда санитария, ветеринария ва карантин соҳасида хавф таҳлили тизимини жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Якунда Президент мутасаддиларга Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзолигини расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича топшириқлар берган.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятга оид қонунчиликни халқаро савдо стандартларига тўлиқ мувофиқлаштириш, икки ва кўп томонлама музокараларни якунлаш ҳамда аъзоликни расмийлаштириш бўйича зарур чораларни кўриш вазифаси белгиланган.






