Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва мавжуд маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича таклифлар билан танишди.
Тақдимотда бинога жойлаштирилган корхона номи ва фаолият тури ҳақидаги маълумотларни реклама сифатида баҳолаш амалиётини бекор қилиш масаласи кўтарилди. Шунингдек, бундай ҳолатларда алоҳида паспорт расмийлаштириш талабини ҳам бекор қилиш таклиф этилди.
Қайд этилишича, амалдаги тартиб баъзи ҳолларда тадбиркорлар учун қўшимча маъмурий юк келтириб чиқармоқда ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш нуқталарининг фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Президент бу каби маълумотларни реклама сифатида баҳоламаслик ва тартибларни соддалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, келгусида реклама ва ахборот белгиларини жойлаштириш бўйича дизайн талабларини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларида савдо белгилари жойлаштириш тартибини енгиллаштириш таклиф этилди.






