АҚШнинг “Нимиц” туридаги USS George H.W. Bush авианосеци Ҳинд океанига етиб келди. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий идораси маълум қилди.
Кема бортида минглаб ҳарбий хизматчилар ва ўнлаб замонавий қирувчи самолётлар жойлашган. ОАВ маълумотларига кўра, мазкур авианосец ва уни кузатаётган зарба гуруҳи АҚШ президенти Дональд Трамп ихтиёридаги ҳарбий кучни Эрон яқинида сезиларли даражада оширади.
Ҳозирча кемага берилган аниқ буйруқлар очиқланмаган. Манбаларга кўра, зарурат туғилганда ҳарбийлар тезкор зарба беришга тайёр. Шу билан бирга, Пентагонда Эронга нисбатан эҳтимолий янги ҳарбий режалар ишлаб чиқилаётгани айтилмоқда.
Авианосец Араб денгизига йўл олар экан, хавфсизлик сабаб Африканинг жануби орқали ҳаракатланган. АҚШ қўмондонлиги Яман ҳусийлари томонидан эҳтимолий ҳужумлардан хавотир билдирган.
Аввалроқ USS Abraham Lincoln ва USS Gerald R. Ford авианосецлари ҳам минтақада жойлаштирилгани хабар қилинган эди.






