Ўзбекистон бўйлаб қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлаш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида кенг кўламли текширувлар старт олди. Илк рейдлар Чорвоқ туристик зонасини қамраб олди.
Республика бўйлаб қурилиш ишлари кўпайиши ортидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари ҳам ортгани қайд этилмоқда. Шу муносабат билан Бош прокуратура, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия ва Экология миллий қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан республика бўйлаб рейд тадбирлари бошланди.
Дастлабки ўрганишлар Чорвоқ ҳудудида қурилишлар 2020 йилга нисбатан 10 баробарга ошганини кўрсатди. Бу эса қурилиш чиқиндиларининг ноқонуний ташланиши билан боғлиқ муаммоларни кескинлаштирган.
11–13 апрель кунлари ўтказилган рейдлар давомида 102 та чиқиндиларни ноқонуний ташлаш ҳолати аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, ҳавони муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича 19 та ҳолат қайд этилди. 23 та махсус техника ёрдамида икки ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди ва 401 тонна чиқинди полигонларга олиб чиқилди.
Ҳудудда назоратни кучайтириш мақсадида 10 та нуқтага онлайн видеокузатув ўрнатилди, яна 40 та локация қамраб олиниши режалаштирилган. Республика бўйлаб экологик барқарорликни таъминлаш учун долзарб 10 кунлик ҳам эълон қилинди.






