Кўксарой қароргоҳида миллий эстрада санъатининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллик таваллуди муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ижодкор зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Зокировлар сулоласининг миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Хусусан, Карим Зокиров асос солган санъат мактаби ва Ботир Зокировнинг бой ижодий мероси халқимизнинг маънавий бойлиги сифатида эътироф этилди. Фаррух Зокиров ана шу анъаналарни муносиб давом эттириб, миллий эстрадани янги босқичга олиб чиққан санъаткор сифатида қайд этилди.
Бугун санъаткор номи “Ялла” ансамбли билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, жамоа 55 йилдан бери мамлакатимиз ва жаҳон саҳналарида чиқиш қилиб келмоқда. Уларнинг юзлаб қўшиқлари миллий маданиятимизнинг “олтин фонди”дан ўрин олгани таъкидланди.
Тантанада санъаткорнинг кўп йиллик самарали меҳнати ва маданиятимизни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси муносабати билан у “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Шунингдек, Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилиши маълум қилинди.






