Бироқ бу оптимизм Яқин Шарқда давом этаётган уруш ва нефть бозорларидаги издан чиқишлар фонида қисқа муддатли бўлиб чиқди.
Мазкур омиллар Ҳиндистоннинг жаҳон миқёсидаги етакчи ўсиш суръатларига кутилмаган зарба берди. Бу таъсир, энг аввало, миллий валюта — рупияда яққол намоён бўлмоқда. У рекорд даражада қадрсизланиб, сўнгги бир йил ичида АҚШ долларига нисбатан қарийб 10 фоизга тушиб кетди.
Марказий банк спекуляцияларни чеклаш мақсадида валюта бозорига аралашгач, рупияда маълум даражада барқарорлашув кузатилди. Бироқ мутахассислар бу ҳолат вақтинчалик бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Уларга кўра, можаро қанча узоқ давом этса, келгусида шунчалик кескин пасайишлар юз бериши эҳтимоли юқори.
Жумладан, “Bernstein” таҳлилчилари энг ёмон сценарийда, агар уруш 2026 йилнинг катта қисмигача чўзилса, рупия курси бир доллар учун 110 дан ошиб кетиши мумкинлигини билдирган. Улар бу ҳолатни “ҳалокатли” деб баҳоламоқда.
Мутахассислар фикрича, валюта курсининг узоқ муддатли заифлиги иқтисодиётнинг турли соҳаларига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, истеъмол нархлари ошиши, давлат харажатларининг ортиши ва фонд бозорига капитал оқимларининг камайиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Ҳиндистоннинг асосий акция индекслари йил бошидан буён 12 фоизга пасайган. Бу эса, хорижий сармояларнинг чиқиб кетиши ортидан “бойлик таъсири” — активлар қиймати ошиши ҳисобига кўпроқ сарф қилиш тенденциясининг сусайишига олиб келмоқда.
Шу билан бирга, Эрон айрим ҳинд кемаларига Ҳормуз бўғози орқали ўтишга рухсат берган. Бироқ маиший газ танқислиги ресторан ва меҳмонхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, айримларининг ёпилишига сабаб бўлмоқда.
Таҳлилларга кўра, глобал тарангликлар мамлакатнинг инфляция ва иқтисодий ўсиш истиқболларига салбий таъсир кўрсата бошлаган. Ҳиндистон дунёдаги учинчи йирик хом нефть импортчиси ҳисобланади. Шунингдек, мамлакат табиий газнинг қарийб 60 фоизини ва LPG импортининг 90 фоиздан ортиғини Яқин Шарқдан олади. Бу эса мазкур инқирозни Деҳли учун янада жиддийлаштирмоқда.






