Бироқ лойиҳа юзасидан айрим енгилликлар киритиш бўйича таклифлар берилди.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган санъаткорлар ва бошловчиларнинг хизматларини “Солиқ” иловаси орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш бўйича қарор лойиҳаси юзасидан Маданият вазирлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекконсерт билан бирга кўриб чиқилган. Вазирлик айрим бандлар юзасидан расмий эътироз ва таклифлар киритганига қарамай, ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Қайд этилишича, амалдаги тартибга кўра санъаткорлар аллақачон ижтимоий солиқ ва йиллик даромад солиғини тўлаб келмоқда. Вазирлик янги лойиҳа бўйича солиқ миқдорларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, механизмларни соддалаштириш ва соҳа вакиллари учун мақбул шароитларни сақлаш тарафдори эканини билдирди.






