Рашк туфайли содир бўлган ҳолатда 27 ёшли аёл бошқа бир аёлни эркига хилоф равишда овлоқ жойга олиб бордириб, сочларини олдирган. Ҳодиса бўйича беш нафар шахс ушланган.
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида бир аёлга нисбатан қилинган таҳқирли ва шафқатсиз ҳаракатлар акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Андижон вилояти ички ишлар органлари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида аниқланишича, 1991 йилда туғилган аёл 1998 йилда туғилган бошқа бир аёлни турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатда бўлиб юрганликда гумон қилиб, ундан қасд олишни режалаштирган.
Маълум қилинишича, 2025 йил 23 декабрь куни у даволаниб ётган шифохонага таниш аёллар орқали 1998 йилда туғилган аёлни чақиртириб, уни турли ножўя ҳаракатлар билан таҳқирлаган ва бу жараённи видеога олдирган.
Шундан сўнг гумонланувчи аёл яна икки нафар таниш эркакни чақириб, жабрланувчини овлоқ жойга олиб бориб, сочларини олиб ташлашни буюрган. Оқибатда аёл беш нафар шахс томонидан мажбурий равишда автомашинага ўтқазилиб, Андижон туманидаги хилват ҳудудга олиб борилган ва у ерда унинг сочлари машинка ёрдамида олиб ташланган.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур жараён видеотасвирга олинган ва кейинчалик ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи беш нафар шахс процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






