Иқтисодиёт ва молия вазирлиги норасмий Телеграм ботлари орқали “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этиш ҳолатлари кенг тарқалиб, турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётганига муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ваъда қилинган маблағлар берилмаётгани бўйича фуқаролар томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу ҳолатда учинчи шахслар лойиҳаларга овоз тўплаш мақсадида пул маблағлари ёки моддий қийматликлар ваъда қилган ҳолда фуқаролардан овоз тўплаб, кейинчалик мукофотларни бермаслиги ҳолатлари кузатилмоқда.
“Мукофотлар учун эмас, ўзгаришлар учун овоз беринг. Шахсий маълумотларингизни ҳеч кимга тақдим этманг. Фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг”, дея фуқароларни огоҳликка чақирди вазирлик.






