АсосийЖамият

Бахтиёр Саидов Озарбайжонлик маслакдоши билан гаплашди

Улар Озарбайжоннинг Наҳчивон Автоном Республикасига нисбатан учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужум билан боғлиқ ҳолат юзасидан фикр алмашган.

'Бахтиёр Саидов Озарбайжонлик маслакдоши билан гаплашди'ning rasmi

Аввалроқ, Эрон дронлари Озарбайжоннинг Нахчивон Автоном Республикаси ҳудудига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирди.

Саидовнинг билдиришича, суҳбат давомида озарбайжонлик мавқедоши Наҳчивон Автоном Республикасига нисбатан учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужум билан боғлиқ ҳолат юзасидан батафсил маълумот берган. Мазкур ҳужум оқибатида тинч аҳоли жабр кўргани ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилгани қайд этилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг мазкур ҳужумлар юзасидан жиддий хавотири билдирилган. Халқаро ҳуқуқ принципларига зид бўлган, бошқа давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузадиган бундай ҳаракатлар мутлақо қабул қилиб бўлмаслиги таъкидланган.

Ўзи нима бўлган эди?

Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.

Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.  

Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган. 

Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.

    Бошқа янгиликлар