Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилиб, 10 минг долларини олган вақтида қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, у давлат захирасидаги 4 сотих ерни ҳокимликда ишловчи танишлари орқали архив ҳужжатларига сохта маълумот киритиш йўли билан харидор номига расмийлаштиришни ваъда қилган.
Тезкор тадбир давомида у пулнинг бир қисмини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аввалроқ Наманганда ҳам давлат ерини сотишга уринган ҳоким ёрдамчиси ушлангани хабар қилинганди.






