Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ҳудуд иқтисодиётини диверсификатсия қилиш, янги ўсиш нуқталарини шакллантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгиланди.
Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2025-йилда йирик тармоқ корхоналарига боғлиқ бўлмаган инвеститсиялар ҳажми 1,4 миллиард долларга етгани, 2026-йилда эса бу кўрсаткични 2 миллиард долларга чиқариш режалаштирилаётгани қайд этилди. Ўтган йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,7 фоизга ўсиб, 168 триллион сўмни ташкил этди, 161 мингта янги иш ўрни яратилди.
Йиғилишда ҳар бир туман ва шаҳарни ўз салоҳиятидан келиб чиқиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Нурота ва Ғозғонда туризм ва пардозбоп тошлар, Томди ва Учқудуқда тоғ-кон саноати, Зарафшонда заргарлик ва ИТ, Карманада кимё саноати ва маданий туризм йўналишлари истиқболли экани кўрсатиб ўтилди. Нуротада гранит саноат парки, Хатирчида кичик саноат зонаси ташкил этиш бўйича таклифлар маъқулланди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, таълим ва туризм соҳаларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. 2026-йилда вилоятга 600 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, 4,2 миллиард доллар хорижий инвеститсия киритиш ҳамда экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Йиғилиш якунида Президент белгиланган вазифалар ижроси аҳоли ҳаётида сезиларли ўзгаришлар бериши зарурлигини таъкидлаб, масъулларга тегишли топшириқлар берди.






