Россияда меҳнат мигрантларига нисбатан янги тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ҳукуматнинг қонунчилик фаолияти бўйича комиссияси хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда Солиқ кодексига киритилаётган тегишли ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, ўзгартиришлар мигрантлар даромадлари устидан назоратни кучайтириш, солиқ тўловларини олдиндан ундириш ҳамда қоидабузарлик ҳолатларида Россияда қолиш муддатини қисқартиришни назарда тутади. Хусусан, вақтинча яшовчи хорижий фуқаролар Ички ишлар вазирлигига қонуний даромадларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт бўлади. Даромад тасдиқланмаган тақдирда, вақтинча яшаш муддати қисқартирилиши мумкин.
Шунингдек, минимал даромад даражаси белгиланиб, агар мигрантнинг ойлик даромади ҳудудий яшаш минимумидан паст бўлса, иш рухсатномасини олиш ёки уни узайтиришга рухсат берилмайди. Айрим тоифалар — биринчи марта патент олаётганлар ва жисмоний шахслар учун ишловчиларга нисбатан истиснолар сақлаб қолинади.
Бундан ташқари, шахсий даромад солиғини олдиндан тўлаш талаби жорий этилади. Жисмоний шахслар томонидан ёлланган мигрантлар учун ҳар бир вояга етмаган бола учун тўлов миқдори 50 фоизга оширилади. Россия Адвокатлар ассоциацияси маълумотига кўра, базавий ойлик тўлов ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун 1200 рубль, жисмоний шахслар томонидан ёлланган мигрантлар учун эса 1700 рубль этиб белгиланган.






