Навоийнинг “Бадойиъ ул-васат” девонидан ўрин олган, беҳи мевасига бағишлаб битилган биргина ғазал фикримизни исботлай олади.
Беҳи рангидек ўлмиш дарди ҳажрингдин манга сиймо,
Димоғим ичра ҳар бир тухми янглиғ донаи савдо.
Бу ғазалнинг илк байти. Ишқ дардига гирифтор бўлган ошиқнинг юзлари худди беҳининг сарғиш рангига ўхшатилади. Савдо Шарқ тиббиётида тилган олинадиган, инсон вужудидаги тўрт хил суюқликнинг бири. Одатда савдо қора рангда бўлади. (Араб тилида савдо қора дегани) Савдонинг инсон баданида кўпайиб кетиши руҳий хасталикка, савдойиликка сабаб бўлади. Савдо сўзи бу ерда ҳам тиббий атама, ҳам ишқ дарди маъносида ишлатилган. Ошиқнинг димоғидаги қора хилт доналари худди беҳининг ичидаги қоп-қора уруғларга ўхшатилмоқда.
Мазаллат туфроғи сориғ юзумда бордур андоқким,
Беҳида гард ўлтургон масалли тук бўлур пайдо.
Хорлик тупроғи ошиқнинг сарғайган юзини худди беҳининг юзасидаги гард сингари қоплаб олган. Чиндан ҳам сархил беҳи сиртидаги ғубор “парда” эсингизга тушдими? Ғаройиб ташбеҳ, тўғрими?
Оқартиб ишқ бошимни, ниҳон бўлди сариғ чеҳрам,
Момуғ ичра беҳини чирмоғон янглиғ киши андо.
Қишгача беҳини қандай сақлашни кўпчилик билса керак. Одатда қаҳратонда ҳам беҳининг янги узилгандек туриши учун қоғозга ўраб ёки шифтга осиб қўйишади. Қадимда қоғоз жуда қиммат ёзув ашёси саналган. Беҳини ўрашда қоғоз ўрнида пахта ишлатилган. Ишқ ошиқнинг соч-соқолини оқартириб, унинг сарғайган чеҳраси билинмай кетганини айнан сап-сариқ беҳининг оппоқ пахтага ўралган ҳолатига ўхшатмоқда шоир.
Юзумда тийғи ҳажринг захми ҳар сори эрур беважҳ,
Беҳини тийғ илан чун қатъ қилмоқ расм эмас қатьо.
Ҳар даврнинг ўзига хос ирим-сиримлари бўлади. Дейлик дастурхонда пичоқ турган пайти фотиҳа ўқиш мумкин эмас. Тарвуз сўйилганда унинг дум қисмидан кесиб олинган “қопқоқ”ни иккига бўлиб ташлаш одати бор. Халқ орасида туз ё қалампирни қўлга узатиш, супургини тик ҳолатда суяб қўйиш ҳам жоиз саналмайди. Қарангки, Навоий яшаган даврдаги ирим-сиримларга беҳини пичоқ билан кесиш ножоиз ҳисобланган экан. Аммо, шундай бўлса-да, бечора ошиқнинг беҳидек сарғайган юзини ҳажр тиғи тилка-пора қилиб ташлаган...
Юзум туфроқдадур ҳар дам қуруғон жисм ранжидин,
Беҳига сарнигунлик шохи заъфидин бўлур гўё.
Одатда кузнинг ўрталарида беҳи ғарқ пишганда оғирлашиб қолади. Дарахт шохи ҳам бу пайтда қуруқшаб, уни кўтаролмай қолади. Натижада беҳи тупроққа узилиб тушади. Ошиқнинг ҳам юзи ишқ дардидан заифлашиб қолган танаси сабабли ерга тушиб, тупроққа, чанг-ғуборга белангандек...
Бу гулшан ичра беҳбуд истаган доим беҳи янглиғ,
Кийиб пашмина, тоатқа қадин хам асрамоқ авло.
Пашмина бу Кашмир тоғ эчкилари жунидан тўқиладиган нафис мато. Бу гал Навоий беҳи дарахтининг боққа зеб бериб туришини пашмина либос кийиб, тоат-ибодатга шай турган тақводор инсонга ўхшатади. Яъни беҳи ҳам ўзининг оппоқ тукли, сархил мевалари билан бошини ерга эгиб тургани сабаб боғнинг кўркига айланганидек, инсоннинг ҳам Яратганнинг хизматида шай туриши унинг руҳий ҳаловатини таъминлайди.
Навоий гар қуёш норанжидин беҳрак кўрар, тонг йўқ,
Беҳиким лутф қилмиш маҳди улё исматуд-дунё.
Аввало “Маҳди улё”, “Исматуд-дунё” тушунчаларига изоҳ бериб ўтсак. Маълумки. Шарқ ҳукмдорларининг аёллари ёки оналари, саройдаги бош маликалар ўтмишда “улуғлик бешиги”, “дунёнинг поклиги” сингари таърифу тавсифлар билан тилга олинган. Навоий даврида бу “унвон”нинг эгаси Хадичабегим эди. Шоир ижодида Ҳусайн Мирзонинг севикли аёли шаънига битилган байтлар кўплаб учрайди.
Байтдан маълум бўладики, кунларнинг бирида малика (Хадичабегим) Навоийнинг ҳузурига боғидан узилган сара беҳи меваларини жўнатган. Шоир ҳар бир ҳолатга, ҳамма нарсага шоирона кўз билан боқади. Малика жўнатган олтинранг мевалар Навоий учун норанж (апельсин)дек ловуллаб турган Қуёшдан-да аълороқ. Айнан шу “лутф қилинган” мевалар Навоийнинг яна бир карра илҳом қучоғига шўнғишига, адабиётимиз эса, яна бир бетакрор ғазал билан бойишига сабаб бўлган.
Рустам Жабборов,
Филология фанлари, бўйича фалсафа доктори






