Учрашувда Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ҳамда устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Покистон президенти Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтгани муносабати билан давлат раҳбарини табриклаб, ушбу ташриф икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлашини таъкидлади.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ошиб бормоқда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини жорий йилда Хивада ўтказишга келишиб олинди. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва глобал масалалар юзасидан позициялар яқинлиги тасдиқланди.






