“Инсоний биродарлик мажлиси” деб номланган ушбу йирик анжуманда хорижий мамлакатларнинг Биринчи хонимлари, Нобел мукофоти соҳиблари, БМТ агентликлари ва етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БАА ва Кўрфаз давлатларининг юксак мартабали сиёсатчилари, вазирлар ва давлат арбоблари, шунингдек, технология ва сунъий интеллект этикаси соҳасидаги етакчи олимлардан иборат 150 нафар нуфузли меҳмон иштирок этди.
Аҳамиятли томони, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Форумнинг “Аёллар етакчилиги инсоний биродарлик марказида” мавзусидаги 1-сессиясида нутқ сўзлади.
Саида Мирзиёева ўз нутқида аёллар етакчилиги ва таълим ҳуқуқини инсон қадрининг асосий мезони сифатида ҳимоя қилиш ғоясини илгари сурди. Маърузада Ўзбекистоннинг бу борадаги муваффақиятли ислоҳотлари мисолида, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш нафақат миллий юксалишга, балки бутун минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши очиб берилди.
“Ўзаро ҳурмат билан йўғрилмаган ривожланиш узоққа чўзилмайди. Кучли жамиятлар нафақат қонунларга, балки инсонлар орасидаги ўзаро ишончга ҳам асосланади, ишонч эса кўпинча аёллар ўртасидаги муносабатлар ва етакчилик орқали мустаҳкамланади”, — деди Саида Мирзиёева.






