Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш масаласини яқин келажакда муҳокама қилиш ёки овозга қўйишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда “The Times” нашри манбаларига таянилган ҳолда хабар берди.
Манбаларга кўра, ФИФА раҳбарияти сиёсий ва спорт шароитлари ўзгармаганини инобатга олиб, бу масалани кун тартибига олиб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаяпти. Шу боис Россияга нисбатан чекловларни қайта кўриб чиқиш бўйича расмий ташаббуслар мавжуд эмас.
Аввалроқ ФИФА президенти Жанни Инфантино Россия клубларини еврокубокларга қайтариш фурсати етгани ҳақидаги баёноти билан жамоатчиликда катта резонанс уйғотган эди.
Маълумот учун, Россия терма жамоалари ва клублари 2022 йил 28 февралдан бери барча халқаро мусобақалардан четлатилган. Қарор Украинадаги уруш фонида қабул қилинган ва муддатсиз ҳисобланади.
УЕФА доирасида ҳам бу масала бир неча бор кўтарилган бўлса-да, ягона позиция шаклланмаган. Мутахассислар фикрича, геосиёсий омиллар сабаб Россиянинг халқаро футболга тўлиқ қайтиши яқин вақтда эҳтимоли паст сценарий сифатида баҳоланмоқда.






