Ижтимоий тармоқларда ўзини халқ табобати билан шуғулланувчи “мутахассис” сифатида танитиб келган Иқбол Салиевда мазкур фаолиятни амалга ошириш учун қонунан талаб этиладиган лицензия мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Маълум қилинишича, Салиев Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси аъзолиги ҳақидаги гувоҳномага эга бўлса-да, ушбу ҳужжат тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқини бермайди. Амалдаги қонунчиликка кўра, халқ табобати усуллари орқали тиббий фаолият билан шуғулланиш фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида мумкин.
Шунингдек, бундай хизматларни кўрсатиш учун инсон анатомияси, физиологияси, фармакология, диагностика ҳамда биринчи тиббий ёрдам бўйича махсус ўқув курсларини тамомлаш талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Иқбол Салиевда халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш лицензияси мавжуд эмас. Халқ табобати ассоциацияси эса мазкур фаолият бўйича лицензия беришга ваколатли орган ҳисобланмайди.
Маълумот ўрнида: Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2025 йил 17 декабрдаги қарори билан Салиев Иқбол Пулатович халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун МЖтКнинг 59–5-моддаси 3-қисми асосида 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.
Мутахассислар фуқароларни тиббий хизмат олишда ҳушёр бўлишга, фақат лицензияга эга муассаса ва шахсларга мурожаат қилишга чақирмоқда.






