АсосийЖамият

Чегарани бузиб ўтилган кучли таъсир қилувчи дорилар мусодара қилинди

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги ноқонуний дори воситалари олиб кирилишининг олди олинди.

'Чегарани бузиб ўтилган кучли таъсир қилувчи дорилар мусодара қилинди'ning rasmi

ДХХ Чегара қўшинлари ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида “ўзбек–қирғиз” давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахс ушланди. У Фарғона вилояти Риштон тумани ҳудуди орқали қўшни давлатдан кириб келган бўлиб, Учкўприк туманида яшаши аниқланган.

Текширув жараёнида гумонланувчи ёнидан умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион сўмлик 9 542 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур дори таркибидаги “прегабалин” моддаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27-сентабрдаги 818-сон қарорига асосан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар