2026 йил бошига мўлжалланган “International IQ Test”рейтингида Ўзбекистон 96,51 балл билан дунё бўйича 75-поғонадан жой олди.
“International IQ Test” ташкилоти эълон қилган янги рейтингда Шарқий Осиё мамлакатлари етакчиликни сақлаб қолди: Жанубий Корея, Хитой ва Япония кучли учликдан жой олди. Ўзбекистон номидан тестда 4 671 нафар иштирокчи қатнашган.
Марказий Осиёда Қозоғистон 80-, Қирғизистон 93-, Тожикистон эса 101-ўринда қайд этилди. Туркманистон иштирокчилар сони камлиги сабаб умумий рўйхатга киритилмади.
Рейтинг натижалари мантиқий шакл ва расмлар асосидаги топшириқлар орқали аниқланган бўлиб, тил ёки маданий омиллар ҳисобга олинмаган.
Мутахассислар мамлакатлар ўртасидаги фарқларга таълим сифати, овқатланиш, интеллектуал машғулотлар ҳамда соғлиқ билан боғлиқ омиллар таъсир қилишини қайд этмоқда.
Шу билан бирга, тест фақат интернет фойдаланувчилари орасида ўтказилгани ва IQ кўрсаткичи ижодкорлик ёки мулоқот қобилиятини эмас, асосан мантиқий фикрлашни баҳолашини унутмаслик керак.






