Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғон Қўшма баёнот ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарорни имзолади.
Шунингдек, икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни қамраб олган икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.
Улар соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳарбий тиббиёт, иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик, кончилик саноати, халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, махсус иқтисодий зоналар, ядро хавфсизлиги ва радиацион ҳимоя, миграция соҳаларига оид келишувларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, дин ишлари, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, маданият соҳасидаги қўшма режа, шунингдек, таълим ва енгил саноат йўналишларидаги баённомалар ҳам имзоланди.






