Сўнгги ҳафталарда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг соғлиғи билан боғлиқ хабарлар фонида унинг вориси ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамалар кучайди. Айрим манбаларга кўра, Грозний ва Москва Қодировдан кейинги давр сценарийларини жиддий муҳокама қилмоқда, дея ёзмоқда "zamon.uz".
Хабарга кўра, 2025 йил декабрь ойи охирида Рамзан Қодиров шошилинч равишда Москвадаги тиббиёт муассасасига ётқизилган. 11 январь куни Украина ОАВлари разведка манбаларига таяниб, Чеченистон раҳбари буйрак етишмовчилиги билан оғир аҳволда эканини ва унинг қариндошлари Москва шаҳрига келганини маълум қилган.
Кремль ва “Ягона Россия”га яқин манба “Муҳим ҳикоялар” нашрига берган изоҳида Чеченистондаги вазият ниҳоятда мураккаб экани ва федерал марказ муқобил ечимлар устида иш олиб бораётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Қодиров тирик экан, очиқ сиёсий жараёнлар кузатилмайди, бироқ ҳудудда ички жараёнлар қатъий назорат остида олиб борилмоқда.
Манбаларга кўра, эҳтимолий ворис шахс Қодировлар оиласи хавфсизлигини таъминлай олиши, шунингдек, федерал марказ учун барқарорликни сақлаб қолиш имкониятига эга бўлиши керак. Шу сабабли ворислик масаласи Кремль учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Муҳокамаларнинг кучайишига Рамзан Қодировнинг 18 ёшли ўғли Адам Қодиров билан боғлиқ автоҳалокат ҳам сабаб бўлган. У айрим ахборот манбаларида Чеченистоннинг келажакдаги раҳбари сифатида тилга олинмоқда. Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, Адам Қодиров 30 ёшга тўлмагунига қадар, яъни 2037 йилгача республикага раҳбарлик қила олмайди.
ОАВ маълумотларига кўра, муқобил номзодлар орасида Беной теипи вакиллари ҳамда Федерал хавфсизлик хизмати билан боғлиқ бўлган Апти Алаудинов номи тилга олинмоқда. Кремль ҳозирча расмий баёнот бермаган бўлсада, вазият Россия сиёсий доиралари томонидан жиддий баҳоланмоқда.






