2026–2030 йилларда соҳада янги молиявий ва бошқарув модели жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 январь куни кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 44 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга 900 дан зиёд бошқарув сервис компаниялари, 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат кўрсатмоқда, 856 та уйда эса ўзини ўзи бошқариш тизими жорий этилган.
Сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, умумий мулкни таъмирлаш ҳамда муҳандислик коммуникацияларини янгилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Бироқ бошқарув компаниялари фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш, хизматлар турини кенгайтириш долзарб бўлиб қолмоқда.
Шу муносабат билан 2026–2030 йилларда айрим шаҳар ва туманларда кўп хонадонли уйларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди. Эксперимент доирасида уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ва 5 йиллик ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилади.
Бошқарувчи ташкилотлар “Менинг уйим” ахборот тизими орқали мулкдорлар овози билан танланади. Мажбурий бадаллар ва барча қўшимча даромадлар айнан шу тизим орқали ҳисобга олинади. Ҳисоботлар ўз вақтида киритилмаган тақдирда, мажбурий бадалларни ҳисоблаш вақтинча тўхтатилади.
Шунингдек, “Турар-жой” миллий ахборот тизимини босқичма-босқич ишга тушириш, соҳани рақамлаштириш ва диспетчерлик хизматларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари масъулларга қисқа муддатда соҳанинг сармоя жозибадорлигини ошириш, уй-жой мулкдорлари ва бошқарув сервис компаниялари учун манфаатли, шаффоф ва иқтисодий жиҳатдан барқарор тизим яратиш бўйича топшириқлар берди.






