АсосийСпорт

“Барселона” “Реал”ни мағлуб этиб, Испания Суперкубогини қўлга киритди

Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Испания Суперкубоги финалида “Барселона” “Реал Мадрид” устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

'“Барселона” “Реал”ни мағлуб этиб, Испания Суперкубогини қўлга киритди'ning rasmi

11 январдан 12 январга ўтар кечаси Саудия Арабистонида Испания Суперкубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда “Барселона” азалий рақиби “Реал Мадрид”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.

Учрашувнинг 36-дақиқасида Рафинҳанинг аниқ зарбаси ҳисобни очди. Биринчи бўлим якунига яқин ўйин янада кескинлашди. 45+2-дақиқада Винисиус Жуниор жавоб голини уриб, мувозанатни тиклади. Орадан кўп ўтмай, 45+4-дақиқада Роберт Левандовский “Барселона”ни яна олдинга олиб чиқди. Бироқ қўшимча дақиқаларда “Реал” яна ҳисобни тенглаштирди — 45+6-дақиқада Гарсия гол муаллифига айланди.

Иккинчи бўлимнинг 76-дақиқасида Рафинҳанинг иккинчи голи “Барселона”га ғалабани тақдим этди. Учрашувга қўшиб берилган 90+1-дақиқада Френки де Ёнг қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Шунга қарамай, ҳисоб ўзгармади ва баҳс “Барселона” фойдасига якунланди.

Шу тариқа, каталонияликлар Испания Суперкубогини кетма-кет иккинчи бор, умумий ҳисобда эса 16-марта қўлга киритди. Бу кўрсаткич бўйича “Реал Мадрид” 13 та соврин билан иккинчи ўринда бормоқда.

    Бошқа янгиликлар