Шунингдек, дипломатлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича янги чоралар белгиланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлардаги беқарорлик ва глобал иқтисодий трансформациялар шароитида ташқи сиёсатни миллий манфаатлар ва замон талабларига мос равишда доимий равишда янгилаб бориш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, сўнгги йилларда олиб борилаётган очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи сезиларли даражада мустаҳкамланган.
Айни пайтда глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар ва янги иқтисодий иттифоқлар ташқи сиёсатдан янада фаол ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб қилмоқда.
Шу муносабат билан Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаш, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаш зарурлиги айтилди.
Янги концепция иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларини ўзаро боғлиқ ҳолда қамраб олиши лозим.
Ташқи сиёсат фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳар бир элчихонага йилига 100–200 минг доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратиш режалаштирилган.
Шунингдек, дипломатлар меҳнатини муносиб эътироф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.






