19 февраль ҳолатига кўра, 1 АҚШ доллари 1,63 миллион риалдан ошиб кетган.
The Economic Times хабарига кўра, Alanchand ва Bonbast платформалари маълумотларида Теҳронда доллар курси 1 637 000 – 1 646 500 риал оралиғида баҳоланган. Бу риал учун рекорд даражадаги пасайиш ҳисобланади.
Айни пайтда Эрон Марказий банки белгилаган расмий курс анча паст — тахминан 1,28–1,29 миллион риал. Бу эса расмий ва эркин бозор курслари ўртасида катта тафовут мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мутахассислар инфляция йиллик 50–60 фоизга етганини таъкидламоқда. Натижада озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон ва импорт товарлари нархи кескин ошган, аҳолининг харид қобилияти эса сезиларли даражада пасайган.
Таҳлилчилар вазиятни санкциялар, иқтисодий бошқарувдаги муаммолар ва сиёсий кескинлик билан боғламоқда. Сўнгги ойларда риал қадрсизланиши тезлашгани қайд этилмоқда.






