АҚШнинг Арктика минтақасига даъволари кучайиб бораётган бир пайтда НАТОга аъзо уч давлат — Германия, Швеция ва Норвегия Гренландияга ҳарбий хизматчилар юборишини маълум қилди. Бу ҳақда 14 январь куни “DW” хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳарбийлар 15–17 январь кунлари разведка миссияси доирасида оролга етиб боради. Миссиянинг асосий мақсади минтақада хавфсизликни таъминлаш имкониятларини ўрганиш ва Данияни, хусусан, денгиз кузатуви соҳасида қўллаб-қувватлашдан иборат.
Германия миссияга 13 нафар аскар, Норвегия 2 нафар, Швеция эса аниқ сони ошкор этилмаган бир нечта офицер юбориши айтилган. Операция Дания томонидан назорат қилинаётгани ва АҚШ билан мувофиқлаштирилмагани таъкидланмоқда.
Бу қарор Вашингтоннинг Гренландия бўйича даъволари фонида қабул қилинди. АҚШ президенти Дональд Трамп Арктикада Россия ва Хитой фаоллиги ортиб бораётган шароитда Гренландия АҚШ миллий хавфсизлиги учун стратегик аҳамиятга эга эканини бир неча бор билдирган.






