14 январь куни Венесуэланинг муваққат етакчиси Делси Родригес АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Родригеснинг маълум қилишича, суҳбат узоқ, самарали ва дўстона руҳда ўтган.
Унинг сўзларига кўра, томонлар ўзаро ҳурмат муҳитида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кун тартиби ҳамда ҳал этилмаган масалаларни муҳокама қилган. Дональд Трамп ҳам бу Родригес тайинланганидан бери ўтказилган илк суҳбат эканини таъкидлаб, уни “ажойиб инсон” деб атаган.
АҚШ раҳбари Truth Social саҳифасида ҳам ушбу қўнғироқни “жуда яхши телефон суҳбати” деб баҳолаб, нефть, фойдали қазилмалар, савдо ва миллий хавфсизлик каби масалалар муҳокама қилинганини қайд этган. Унинг таъкидлашича, АҚШ Венесуэланинг барқарорлашуви ва тикланишига ёрдам бериш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни АҚШ Венесуэлада махсус операция ўтказиб, мамлакат етакчиси Николас Мадуро ва унинг рафиқасини қўлга олган эди. 4 январь куни эса Делси Родригес Венесуэланинг муваққат раҳбари этиб тайинланган.






